http://www.ozodlik.org/content/article/26844356.ht...
Москвада мобил масжидларга маблағ йиғилмоқда
12.02.2015
Россия ва МДҲ давлатлари бўйича ҳалол емак ва хизматлар лойиҳаси Halal Guide Москвада мусулмонлар учун намоз ўқиш жойлари етишмаслиги муаммосини антиқа усулда ҳал этишга киришди. Гуруҳ автоуловда жойлаштирилган мобил масжидларни Россия пойтахти кўчаларига чиқариш учун маблағ йиға бошлади. Лойиҳа бошловчилари нафақат Москвани, балки бутун Россияни мусулмонларга яшаш учун қулай юртга айлантирмоқчи эканини гапирмоқда.
Halal Guide мусулмончилик талаблари бўйича махсус жиҳозланган автотрейлерларни Москва кўчаларига чиқариш бўйича лойиҳа устида иш бошлади.
Мобил масжидлар Москвада яшаб, меҳнат қилаётган миллионлаб мусулмоннинг намоз ўқиш жойларига бўлган эҳтиёжини қисман бўлса-да қондиришга қаратилганини гапиради Озодлик билан суҳбатда лойиҳа ташаббусчиларидан бири – HalalGuide муаллифи Айрат Касимов.
“Бу билан, жуда бўлмаганда, Москвада яшаётган, меҳнат қилаётган 2 миллионлик мусулмон жамоаси муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш ниятидамиз”, дейди у:
- Бу ғоя Москвада масжидлар етишмаслигидан келиб чиқди: бутун катта шаҳарда тўрттагина ибодатхона бор. Албатта, биз 6-8 дона бундай кўчма масжидларнинг ишга туширилиши муаммони ҳал этади, деб ўйламаймиз. Москванинг бугунги шароитларида таҳорат олиб намоз ўқишга жой топиб кўрганмисиз? Бу жуда мушкул иш! Биз мобил масжидларнинг пайдо бўлиши, ҳар ҳолда, муаммони қандай ҳал этиш мумкинлигига эътибор қаратади, деган фикрдамиз. Акс ҳолда, бу муаммо йиллар давомида ўз ечимини топмаётир. Неча йил бўлди, қанча-қанча пул сарфланди, аммо бирорта катта масжид ишга тушмади! Бир ойда ҳар бир трейлерга 40 минг рубль сарфланишини хомчўт қилдик. Мусулмонлар сайтимиз орқали ариза ташлаб қўяди ва масжид ўзи кўрсатилган жойга етиб боради, дейди Айрат.
Ҳозирда “BoomStarter” янги лойиҳалар сайтида мобил масжидга маблағ йиғиш уринишлари бошланган.
Автоуловнинг таҳорат қилишга махсус бўлим ҳамда намоз ўқиладиган кичик хонадан иборат экани айтилди. Айрат Касимов HalalGuide бу лойиҳадан даромад олишни кўзламаëтганини айтади:
- Қизиғи, маблағ ажратганлар орасида турли миллат ва дин вакиллари, ҳатто арманилар, грузинлар бор. Бу лойиҳа миллионлаб пул ишлаб олишга қаратилмаган. Жамоамиз Россияни мусулмонлар яшашига қулай юртга айлантирмоқчи, холос. Кўчма масжидларимиздан бепул фойдаланиш мумкин. Агарда етарли маблағ йиғишга эриша олмасак, биз бу хизматни пуллик қилишга мажбур бўламиз. Ҳатто шунда ҳам хизматимиз 70 рубльдан зиёд турмайди. Ахир метрода жоме масжидга келиб-кетишингиз 100 рубль атрофида бўлади, деди Айрат Касимов.
Унинг фикрича, ҳар бир мобил масжид махсус очилиши кўзланган сайт орқали айтилган жойга олиб бориб қўйилади ва кечки пайт олиб кетилади. Москванинг ўзида саккизта мобил ибодатхона ишга туширилиб, ундан олтитасининг стационар, иккитасининг эса шаҳар бўйлаб кўчиб юриши кутилмоқда. Стационар масжидлар ҳозирча йирик бизнес марказлар олдига ўрнатилади. Кўчма трейлерларнинг қаерда эканини шу сайт орқали интерактив тарзда кузатиб бориш мумкин.
Лойиҳа ташаббусчилари бу ғояни ҳаётга татбиқ этиш учун бир миллион рублдан ортиқроқ маблағ зарурлигини айтиб, шу маблағдан 850 мингини “BoomStarter” орқали йиғишни режалаштирмоқда.
Суҳбатдош мобил масжид ғоясининг Саудия Арабистони ва Туркияда мавжуд тажрибадан нусха эканини ҳам қўшимча қилади.
Москва ҳукумати, миллатчилар ва маҳаллий аҳоли Россия пойтахтида масжид қуриш режаларига қаршилик кўрсатиб келаётгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келган.
Бугунги кунга келиб Россия аҳолисининг неча фоизини мусулмонлар ташкил этиши юзасидан аниқ статистика йўқ. Россия Миллий сиёсати бўйича вазир Владимир Зорин охирги маротаба аҳолини рўйхатдан ўтказишда улар сони 14,5 миллион эканини эълон қилган бўлса, президент Владимир Путин Россияда мусулмонлар нуфусининг 20 миллиондан ошганини айтган.
“Ислом қўмитаси” раиси Ҳайдар Жамол эса Россия ҳукумати диндорлар сонини камайтириб кўрсатишга уринаётгани ва аслида “Россияда мусулмонлар сони 30 миллион атрофида” эканини иддао қилиб чиқди.
Кузатувчилар Россияда меҳнат қилаётган хорижлик мусулмон жамоаси сонига оид аниқ рақамлар ҳам мавжуд эмаслигини таъкидламоқда.
- Айрат Касимов
- Автор проекта
Комментарии